Алишер Навоий ҳазратлари «шеър»ини бақириб ўқиган замондош «шоир»га қарата «Тақсир, сиз шеър айтадурмусиз ёки одам қўрқитадурмусиз», деган эканлар. Дафъатан, борди-ю ҳазрат ҳозирги тўйларда бўлганларида тўрт томонга овоз кучайтиргичларни ўрнатиб, жазавага тушаётган «санъаткор»ларга қарата "Қўшиқ айтадурмисиз ёки қулоқни кар қиладурмисиз", дея заҳарханда лутф қилган бўлардилар.
Гарчи тўйлардаги умумий манзара ўзингизга кафтдагидай равшан бўлса-да, яна бир бор кўз олдингизга келтираман: куй-қўшиқ тобора авжига чиққан, раққосалар хирому муқом қилиб, кўз сузиб давра айланади. Стол атрофида ёнма-ён ўтирган меҳмонларнинг бири яқинда чет элда бўлиб қайтган.
—Яхши бориб-келдингизми?—деб сўрайди биқинидаги таниши унинг кўнгли учун.
У бунга жавобан нимадир деб бақиради. Афтидан нима деганини фаҳмлаёлмаганини айтади шекилли, кейин ёнидаги киши томон энгашиб, қулоғини тутади.
—Яхши бориб-келдингизми?—энди шериги саволини бор овозда такрорлайди.